среда, 8 января 2014 г.

"Шампан"чи болалар

Хар йилги одатга кўра "Янги йил" дастурхони учун бозорга бордим. Фақат хар йилгидан фарқлироқ бу сафарги бозорлик қилиш 30 декабрга тўғри келди. Аслида эртароқ бу ишни амалга оширишни афзал билардим. Сабаби бизни халқимизда бирон байрам бўладиган бўлса байрам арафасида байрам учун керакли барча нарсани нархи осмонга парвоз қилади. Бу эса алоҳида мавзу. Бозорда дастурхон учун керакли деб билган барча нарсаларни харид қилиб бўлгач, "энг оғир юк" деб ҳисобланган салқин ичимликлар сотиладиган расталарга йўл олдим. "Кока-кола"ни ҳисобга олмаганда қолган ичимликларнинг нархида ўзгариш деярли бўлмаганакан. Аста секин турли хил ичимликлардан саралаб олдим. Шунда сотувчи томонидан менга "фарзанларингиз учун" деб таклиф қилинган лимонад ичимлик диққатимни тортди. Шампань шишасига қуйилган ва худди ростакам "шампанский"га ўхшаб ўралган лимонад! Номи хар қандай ёш болани ўзига тортадиган "Маша и медведь". Сотувчи эса тинмай унинг хусусиятларини менга мақтай кетди:
-Ака олинг буни, фарзандларингиз мазза қилишади. Худди хақиқий "шампан"га ўхшаб паққилаб очилади. Идиши хақиқий шишалик. Буни пластмасса идишдагиси хам бор. Ундан кўра буниси хақиқийроқ...
Очиғини айтганда уни бунчалик мақташи энсамни қотирди. Хақиқий "шампан"... Ёш гўдак хозирдан тақлидни ўрганса кейинчалик ким бўлиб етишади? Бугун "шампан" ичган бола эртага уни аслини ичишни сўнг пиво, сўнгра ароққа ружу қўймайдими? Аслини олганда сигарета ва спиртли ичимликларни реклама қилиш дунёнинг барча давлатларига маълум таъқиққа эга. Лекин "Маша и медведь" лимонади бугунги ёш авлод учун спиртли ичимлик учун реклама эмасми?
Келинг буни биргаликда мушохада қиламиз. Сўз сизга:

вторник, 7 января 2014 г.

Тинчликка етмайди!

Бундан тўрт йил олдин Андижондаги "Жахон бозори"да Қирғизистоннинг Ош вилоятилик бир савдогар билан сухбат қиргандим. Ўшанда у савдогарнинг кўзларида беписандалик, гапларида кибор бор эди. Унинг фикрича Ўзбекистонликлар ўта ночор, камбағал эканлиги, ўзларини эса ўта бойлигидан, қаторлаб олган "иномарка" машиналари-ю, қўшқаватлаб солган иморатларни роса мақтаганди. Очиғини айтганда шу пайт бозорда савдогарлик қилаётган ёши улуғ бир отахон унга "тинчликка хеч нима етмайди болам" деганди. У эса бунга ишшайганича жим қараб қўйган эди холос.
Шундан кейин машъум Ош ва Жалолобод воқеалари бўлиб ўтди. Ўша савдогарни холи нима бўлди экан деб ўйлагандим. Ўтган йили ёз ойида тақдир тақозоси билан ўша савдогар билан кўришиб қолдим. Тўрт йил олдинги кибордан асар хам қолмаганди. У мени танимади. Унга салом бериб ахволини сўрадим. У алик олган холда "мени танийсизми?" деб сўради.
Унга ўша кунги гапларини эслатдим. У эса кўзига ёш олган ҳолда: -Эх, ўшандан кейинги воқеаларда хеч қайси бойлигим қолмади. Кунимиз қўрқувда ўтди. Хожи тоғани(ёши улуғ отахон) гапларини мағзини ўшанда чақдим. Аслини олганда нотинчликда миллионер бўлиб яшагандан кўра тинчликда камбағал бўлиб яшаган афзал эканлигини тушуниб етдик. Ўзбекистонингизга кўз тегмасин. Сизларда тинчлик кафолатланган! Хеч ким қўрқувда яшамайди. Буни қадрига етиш керак экан, дея анча насиҳатлар қилди. 
Аслини олганда мен ундан ўша кунги гаплари учун қасос олиш учун хол-ахвол сўрамаган эдим. Уни сўзларини эшита туриб баданим жимирлаб кетди. Мени шундай заминда таваллуд топганим учун Яратганга шукурлар айтдим. Худога шукурки сиз ва биз истиқомат қилаётган бу Ватан сархадлари ва унинг ички муҳити ишончли тарзда муҳофаза қилинади. Мустақилликка эришгач муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилган энг муҳим сиёсат айнан тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўлди ва бунга эришилди. Шундай экан барча харбий хизматчиларимизни ва барча оила ҳимоячиларини 14-январь "Ватан ҳимоячилари куни" байрами билан чин қалбдан табриклайман. 

Андижондан саломлар

Хаммага салом!
Очиғи блогни юритиш осон иш эмас. Унга муайян равишда янгилик киритиб бориш учун вақтим бироз тиғизроқ. Вақт топганда қўлдан келганича киритиб бораман.
Блогда асосан ўз хаётимда дуч келган вақеа ва ҳодисаларни баён қилиб бораман. Иш жараёнимда кўплаб ва турли тоифадаги инсонлар билан мулоқотда бўламан. Айнан уларнинг сиз ва мен учун қизиқ бўлган жихатларини ёритишга харакат қиламан.
Кўришгунча :)